Эпизоотик вазият барқарор: бу бўйича тизимли равишда ишлар олиб борилмоқда


Эпизоотик вазият барқарор: бу бўйича тизимли равишда ишлар олиб борилмоқда


Яқинда оммавий ахборот воситаларида Қозоғистоннинг Жамбул вилоятида одамлар орасида куйдирги касаллигининг лаборатория томонидан тасдиқланган тўртта ҳолати бўйича хабарлар тарқалди.

Мазкур хабарлар расмий идоралар томонидан тасдиқланди.

Албатта, бу ҳолат мамлакатимизнинг эпизоотик осойишталиги учун хатарли ҳисобланади. Негаки, юқумли касалликларнинг аксарияти ҳайвондан одамга юқади ва бу ҳолат одамлар соғлиғи учун жиддий хавф туғдиради.

Шу боис, мамлакатимиздаги эпизоотик вазият хусусида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Жабборовга мурожаат қилдик.

– Қозоғистонда қайд этилган куйдирги касаллиги мамлакатимизнинг чегара ҳудудларига етиб келиши қанчалик асосли? 

– Бундан ҳеч қандай хавотирланишга асос йўқ. Негаки, мамлакатимизнинг чегара ҳудудларида қўмита мутахассислари томонидан буфер зоналар ташкил этилиб, эпизоотик барқарорликни таъминлаш ишлари тизимли равишда олиб борилмоқда.

Ўта хавфли касалликларнинг келиб чиқиши ва четдан кириб келишининг олдини олиш мақсадида эпизоотияга қарши профилактик тадбирларни ўтказиш учун жами 1 минг 200 та махсус эмлаш гуруҳлари ташкил этилиб, унга 5 мингга яқин соҳа мутахассислари, раҳбар ва ходимлар бириктирилди ҳамда гуруҳ ишини мувофиқлаштириб бориш бўйича республика, вилоят ва туман штаблари ташкил этилди.

Профилактик тадбирларни ўтказилишида ҳайвон эгаларига қулайлик яратиш мақсадида эмлаш ишларини “маҳаллабай” ва “хонадонбай” усули асосида оммавий равишда амалга ошириш тизими яратилди.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида эмлаш гуруҳлари томонидан 25 миллион 500 минг бошдан кўпроқ чорва моллари куйдирги, оқсил, нодуляр дерматит, қорасон, брадзот, чечак, бруцеллёз ва бошқа юқумли касалликларга қарши эмланиб, диагностик текширилди ҳамда эктопаразитларга қарши чўмилтирилди ва чорва моллари сақланадиган 845 мингта молхоналарда дезинфекция ва дезинсекция тадбирлари ўтказилди.

Профилактик тадбирлар сифати ва самарасини янада ошириш мақсадида ҳудудларда кўчма “ветеринария хизматларини кўрсатиш марказ”лари ташкил этилиб, улар томонидан профилактик эмлаш ва даволаш тадбирларини олиб бориш учун 200 дан ортиқ махсус автомашиналар, 3 мингта велосипед ва скутер мотоцикл, 1 минг 500 та ярим автоматли шприц ва бошқа махсус жиҳозлар билан таъминланди.

– Бундай тадбирларни ташкил этишда аҳолининг хабардорлиги ҳам катта аҳамият касб этади. Шундайми?

– Албатта, ҳар қандай эпизоотик тадбирда аҳолининг иштироки ва жонбозлиги жуда муҳим.

Шу йилнинг ўтган даври мобайнида ҳайвонларнинг хавфли юқумли касалликларининг олдини олиш ва уларга қарши курашишда аҳоли ва ҳайвон эгалари хабардорлигини ошириш мақсадида тиббиёт, ички ишлар ва фавқулодда вазиятлар хизматлари билан ҳамкорликда 745 та семинар ўтказилди, шунингдек, тарғибот ва ташвиқот ишлари учун 12 минг дона рангли плакатлар, 300 мингта варақалар жойларга етказиб берилди ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали 150 марта чиқишлар қилинди ва матбуотда 85 та мақолалар чоп этилди.

Ҳайвонлар касалликлари бўйича амалга оширилаётган эпизоотияга қарши профилактик тадбирларни кузатув мониторинг ишлари учун “VIS-REGISTON” электрон платформаси яратилиб, синов тариқасида ишга туширилди.

Аҳоли истеъмоли учун етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида мавжуд ветеринария санитария экспертизаси лабораториялари томонидан 7 миллиондан ортиқ лаборатория таҳлиллари ўтказилди. Жумладан, деҳқон бозорларига ва йирик савдо объектларига сотиш учун келтирилган 28,7 минг тонна гўшт, 162 миллион дона тухум ҳамда 7,8 минг тонна сут ва сут маҳсулотлари ветеринария-санитария экспертизаси ва лаборатория таҳлиллардан ўтказилиб, 13,4 тонна гўшт ва сут маҳсулотлари, 97 минг дона тухум ва 13 тонна сут ва сут маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз, деб топилди. Улар белгиланган тартибда зарарсизлантирилди ва эркин савдога чиқарилишининг олди олинди.

Марказий бозорларда радиоузеллар орқали харидорларга сотилаётган ва сотиб олинаётган маҳсулотларни сифат ва хавфсизлигини кафолатловчи ҳужжатлари ҳамда яроқлилик муддатига алоҳида эътибор қаратишлари, ветеринария-санитария экспертизаси кўригидан ўтказилмаган маҳсулотларни сотувга чиқармаслик ва сотиб олмаслик мавзусида доимий эшиттиришлар ўтказилиб келинмоқда.

– Соҳада кейинги пайтларда жиддий ўзгаришлар кетмоқда, шу ҳақда тўхталсангиз.

– Тўғри таъкидладингиз!

Мисол учун халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан чекка ҳудудлардаги ветеринария мутахассислари 6 дона кўчма мобил лаборатория, 42 дона махсус совутгичли, дезинфекцияловчи ва зарарсизлантирувчи автотранспорт ҳамда 1 миллион дона вакумли пробирка, 20 дона контейнер ва 800 та маиший совутгич билан таъминланди.

Режага мувофиқ, 2023 йилда ветеринария фаолияти билан шуғулланаётган жами 647 нафар раҳбар ва мутахассиснинг малакасини ошириш белгиланган бўлиб, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 314 нафари малакасини ошириб, тегишли малака тоифаларига эга бўлди.

Андижон ва Фарғона вилоятларида 1 донадан замонавий ускуналар билан жиҳозланган ветеринария клиникалари ишга туширилди. Наманган вилоятида худди шундай ветеринария клиникасини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.

Қашқадарё, Фарғона, Бухоро ва Хоразм вилояти Ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказлари миллий аккредитациядан ўтказилди.

Шунингдек, аккредитация доираларини янада кенгайтириш мақсадида Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказини халқаро аккредитациядан ўтказиш ишларини ўрганиш бўйича марказнинг 5 нафар мутахассиси Туркия давлатида ISO/IEC17025:2019 халқаро стандарт талаблари бўйича малакасини ошириб келишди.

Сўнги икки йил мобайнида Республика ташхис марказини халқаро аккредитацияга тайёрлаш ва лабораторияларнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида хорижий грант маблағлари кўмагида озиқ-овқат хавфсизлиги лабораторияси, ИФА ва ПЦР лабораторияси, шунингдек, Марказ виварияси  замонавий лаборатория ускуналари ва жиҳозлар билан таъминланди.

Ташхис марказларидаги ахборот хавфсизлигини, қуйи тизим марказлари билан ахборот алмашинуви тезкорлигини таъминлаш ва маълумотлар базасини яратиш мақсадида Ҳайвон касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат хавфсизлигига оид лаборатория текширувларининг Ягона электрон маълумотлар базаси (ВИС-Сайёр) дастури ишлаб чиқилиб, тест режимида ишга туширилди.