"МАМЛАКАТИМИЗДА 53 ТА КОРХОНА ТОМОНИДАН БАЛИҚ КОНСЕРВАЛАРИ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛМОҚДА" — "ЎЗБЕКБАЛИҚСАНОАТ" УЮШМАСИ




МАМЛАКАТИМИЗДА 53 ТА КОРХОНА ТОМОНИДАН БАЛИҚ КОНСЕРВАЛАРИ ИШЛАБ ЧИҚАРИЛМОҚДА" — "ЎЗБЕКБАЛИҚСАНОАТ" УЮШМАСИ

"Мамлакатимизда 53 та корхона томонидан балиқ консервалари ишлаб чиқарилмоқда" — "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раҳбарияти ва маъсул ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда "Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент қарори ижросини таъминлаш мақсадида соҳада амалга оширилаётган ишлар, муаммо ва ечимлар ҳамда истиқболдаги режалар атрофлича муҳокама қилинди. Уюшма масъуллари балиқчилик соҳасига Туркия, Хитой, Россия, Вьетнам каби давлатларнинг инновацион ва интенсив технологиялари жорий этилганини эътироф этишди.
– “Олиб борилган тизимли ишлар натижасида табиий ва сунъий сув ҳавзаларида 2016 йилда 65,3 минг тонна, 2017 йилда 84 минг тонна, 2018 йилда 94,1 минг тонна балиқ овланди, - деди “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раиси Омон Мусаев, – 2019 йил якунига қадар ҳажмни ўтган йилга нисбатан 2 баробарга оширилиши кўзда тутилмоқда”. 


Қайд этилишича, жорий йилда балиқчилик соҳасида инкубация цехи, чавоқ ва товар балиқ етиштириш, юқори оқсилга бой балиқ еми, қайта ишлаш ва сақлаш салоҳиятига эга 13 та тўлиқ тизимли ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган балиқчилик кластерлари ташкил этилган ва ушбу хўжаликлар қарорда белгиланган солиқ имтиёзларидан фойдаланиб келмоқда. Уюшма раиси Омон Мусаевнинг таъкидлашича, 2019 йилдан бошлаб Хитой технологияси асосида 14 гектар майдонда янги интенсив сув ҳавзалари барпо этилди, ушбу технологияни жорий қилиш орқали 1 гектар майдонда 10 баробар кўп балиқ етиштириш имконияти мавжуд.
Бугунги кунда балиқ маҳсулотларини қайта ишловчи 53 та корхона фаолияти йўлга қўйилиб, ушбу корхоналар томонидан балиқ консервалари, балиқ филеси, балиқ котлети ва тушкалари ишлаб чиқарилмоқда.