ОДАМЛАРНИНГ КОРОНАВИРУС COVID-19 КАСАЛЛИГИДА ҲАЙВОНЛАРДАН ҚАНДАЙ ХАВФ БОР?


ОДАМЛАРНИНГ КОРОНАВИРУС COVID-19 КАСАЛЛИГИДА ҲАЙВОНЛАРДАН ҚАНДАЙ ХАВФ БОР?


ОДАМЛАРНИНГ КОРОНАВИРУС COVID-19 КАСАЛЛИГИДА ҲАЙВОНЛАРДАН ҚАНДАЙ ХАВФ БОР?

ОДАМЛАРНИНГ КОРОНАВИРУС COVID-19 КАСАЛЛИГИДА ҲАЙВОНЛАРДАН ҚАНДАЙ ХАВФ БОР?

Коронавирус (CoV) – бу РНК (рибонуклеин кислотаси) вируслари оиласи ҳисобланади. Вирус зарраси липид мембранаси атрофида оқсилларнинг ўзига хос “тож” кўринишини ҳосил қилади. Шу сабабдан мазкур вируслар коронавирус деб аталади.

Коронавируснинг айрим штаммлари (турлари) зооноз ҳисобланади, яъни одамлар ва ҳайвонлар учун умумий ҳисобланади, лекин кўпчилик штаммлари (турлари) зооноз ҳисобланмайди.

2019 йил декабрь ойида Хитой Халқ Республикасининг Ухан шаҳрида одамларнинг номаълум келиб чиққан пневмония билан касалланиш ҳолатлари қайд этилди. Кейинчалик мазкур пневмония қўзғатувчиси Коронавирус эканлиги аниқланди.

Вируслар таксономияси халқаро қўмитаси томонидан вирус SARS-CoV-2 деб илмий номланди. Шунингдек, вирусни иккинчи номи COVID-19 деб аталди.

Хитой Халқ Республикасининг Ухан ва Хубеи провинциясига саёҳат қилган турли давлат фуқаролари мазкур вирусни юқтириб олди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра коронавирус эпидемиясидан энг кўп зарар кўрган ҳудудлар Хитой, Европа (Италия, Испания, Германия, Франция, Швейцария), Эрон, Жанубий Корея, Америка Қўшма Штатлари ҳисобланади.

Одамларнинг COVID-19 касаллигининг келиб чиқишида ҳайвонлар сабабчими?

Бугунги кунда коронавирус COVID-19 фақат одамдан-одамга юқиш ҳолати кузатилмоқда.

COVID-19 вирусининг дастлабки одамга юқиш манбааси ҳайвонлар бўлиши мумкин. Аммо, бугунги кунга қадар ушбу манбаани аниқлаш ёки ҳайвонлардан одамларга юқиш йўлини тушунтириш учун етарли илмий далиллар мавжуд эмас.  

Генетик таҳлиллар шуни кўрсатадики COVID-19 вируси Rhinolophus (Horseshoe Bat) популяциясида топилган бошқа коронавирусларга яқин ҳисобланади.  

Ҳайвонларни вирус ташувчиси эканлигини тадқиқ қилишнинг устувор йўналишлари Халқаро Эпизоотик Бюронинг COVID-19 бўйича маслаҳат гуруҳи томонидан муҳокама қилинди ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тадқиқот ва инновациялар бўйича глобал форумида (2020 йил 11-12 февраль) Халқаро Эпизоотик Бюронинг ёввойи ҳайвонлар ишчи гуруҳи томонидан маълум қилинди.  

Халқаро Эпизоотик Бюро маслаҳат гуруҳининг COVID-19 бўйича муҳокамаси натижаларига кўра вирус тарқатувчи манбаа ҳайвонлар эканлиги бўйича илмий далиллар етарли эмас.

Тирик ҳайвонлар ёки уларнинг маҳсулотларидан фойдаланишда эҳтиёт чоралари белгиланганми?

COVID-19 вирусининг келиб чиқиши тўғрисида ноаниқликлар мавжуд бўлсада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия этганидек, тирик ҳайвонлар бозорларига ёки ҳайвонлар маҳсулотларини сотадиган бозорларга ташриф буюрганда умумий гигиена чоралари қўлланилиши зарур бўлади. Жумладан:  

ҳайвонни қўл билан ушламаслик, ҳайвон маҳсулотларига қўл теккизгандан кейин қўлларни совун билан яхшилаб ювиш, кўз, бурун ва оғизни қўл билан ушламаслик;

касал ҳайвонлар ва улардан олинган сифати бузилган маҳсулотлар билан алоқа қилишдан сақланиш;  

дайди ва қаровсиз ҳайвонлар (шу жумладан кемирувчилар, қушлар, кўршапалак ва бошқалар) билан алоқа қилишдан сақланиш;

ҳайвонларнинг чиқиндилари ёки тупроққа тушган суюқликларига тегмаслик чораларини кўриш;

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан вирус тарқалишининг олдини олиш бўйича стандарт тавсияларига амал қилиш.

Булардан асосий мақсад энг аввало санитария-гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда эхтиёткорликни таъминлаш, қолаверса ҳайвонлардан ўтиши мумкин бўлган бошқа касалликларни юқтириб олиш хавфидан сақланиш ҳисобланади.

COVID-19 ва уй ҳайвонлари ҳақида нималарни биламиз?

Шуни алоҳида таъкидлаш зарур-ки, COVID-19 вируси одамдан-одамга юқиши натижасида тарқалмоқда.

Бугунги кунга қадар, уй ҳайвонлари касалликни тарқатиши тўғрисида ҳеч қандай асосли маълумот ёки далиллар мавжуд эмас.  

Булардан келиб чиқиб, уй ҳайвонлари инсонлар соғлиғини хавф остига қўядиган хавотир ёки ҳайвонлар соғлиғини сақлаш чораларини кўриш учун ҳеч қандай сабаб йўқ.

Хитой Халқ Республикасининг Гонконг маъмурий вилоятининг давлат ветеринария хизмати томонидан 2020 йил 9 март куни Халқаро Эпизоотик Бюрога касалликка чалинган эгаси билан яқин алоқада бўлган итда COVID-19 вируси аниқланганлиги тўғрисида хабар берилган. Бундай ҳолат бугунги кунда ягона ҳолат бўлиб, дунёнинг бошқа мамлакатларида кузатилмади.

Ўтказилган ИФА усули орқали текширув натижасида итда COVID-19 вирусидан генетик материал мавжудлигини кўрсатган. Итда эса касалликнинг хеч қандай клиник белгилари кузатилмаган.

Шундай бўлсада ит 14 кунлик карантинга олинган ва карантин муддати тугагандан сўнг итдан олинган намуналарда касаллик вируси аниқланмаган ва ит эгасига қайтариб берилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керак-ки, инсонларнинг айрим касалликлари масалан, Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги билан ҳайвон касалланмайди ва одамларга касаллик ҳайвонлар орқали юқмайди. Бироқ ҳайвон касаллик вируси билан зарарланиши мумкин. Ҳайвон организмида касаллик вируси қанча вақт давомида сақланиши маълум эмас.

Одамларнинг коронавирус (COVID-19) касаллигини тарқалишида итларнинг ўрни ёки улар касалланиши ҳақида ҳеч қандай далиллар мавжуд эмас.  

Инсонларнинг COVID-19 касаллиги турли ҳайвонларга таъсир қилиши мумкинлигини аниқлаш учун атрофлича илмий-тадқиқотлар олиб бориш талаб этилади.

Юқоридаги маълумотларга асосланган ҳолда, уй ҳайвонларини ташиш ёки сотиш бўйича чекловларни қўллаб-қувватлайдиган далиллар мавжуд эмас.

Ҳайвонларни парваришлаш, улар билан бевосита муносабатга киришишда ҳар доим умумий гигиена қоидаларига амал қилиш муҳим ҳисобланишини хеч қачон ёддан чиқармаслик керак.