САМАРҚАНДДА ВЕТЕРИНАРИЯ ВА ЧОРВАЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ


САМАРҚАНДДА ВЕТЕРИНАРИЯ ВА ЧОРВАЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ


САМАРҚАНДДА ВЕТЕРИНАРИЯ ВА ЧОРВАЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

амарқанд ветеринария медицинаси институтида “2019-2021 йилларда Ўзбекистонда ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш истиқболлари” мавзусига бағишланган семинар ўтказилди.

Семинар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Самарқанд ветеринария медицинаси институти ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирда мамлакатимизда мустақиллик йилларида ветеринария соҳаси ва чорвачилик тармоқларини ривожлантириш, соҳага инновацион лойиҳаларни жорий этиш, ветеринария сервис сифатини ошириш, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш ҳамда мутахассисларнинг иш услубларини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Маълумки, мамлакатимизда ветеринария соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш, чорва моллари наслини яхшилаш, озуқа базасини мустаҳкамлаш, наслчилик йўналишидаги чорвачилик хўжаликлари фаолияти ҳамда чорвачилик маҳсулотларини етиштиришда йирик тадбиркорлик субъектлари кўпайтирилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Наслчилик-селекция ишларини юритишнинг илмий асосланган инновацион услубларини жорий этиш бўйича қабул қилинган фармон ва қарорлар ветеринария ва чорвачилик соҳасини янада ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

Юртимиз аҳолисининг асосий озиқ-овқат товарлари, аввало гўшт, сут ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи 1990 йилда импорт ҳисобидан қопланган бўлса, ҳозирги вақтда уларнинг 96 фоизи мамлакатимизда ишлаб чиқарилмоқда. Бунинг натижасида ўтган даврда аҳоли жон бошига гўшт истеъмоли 1,4 баробар, сут ва сут маҳсулотлари – 1,5 карра кўпайганлигини қайд этиш лозим. Бу кўрсатгичлар мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг мустаҳкам пойдеворидир.

Ҳаракатлар стратегияси дастури доирасида Республикада қорамоллар бош сонини 13 миллион 367 минг бошга, қўй ва эчкилар бош сонини 22 миллион 577 минг бошга ва паррандалар бош сонини 85 миллион 616 минг бошга, тирик вазнда гўшт етиштиришни 2 миллион 556 минг тоннага, сутни 11 миллион 76 минг тоннага, тухумни 7 миллиард 728 миллион донага ва балиқ овлашни 201,5 минг тоннага етказиш, 13 та паррандачилик кластерлари ташкил этиш тадбирлари доирасида паррандачилик йўналишида 199 та лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда мавжуд ва янги ташкил этилаётган паррандачилик фермаларини тўла қийматли озуқа билан таъминлаш мақсадида талаб этиладиган озуқа ер майдонларини ажратиш бўйича чоралар кўрилмоқда.

– Ўзбекистон Республикаси ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан 2 минг 139 та ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчалар давлат рўйхатидан ўтказилиб, республикада 156 турдаги дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Жабборов. – Участка ветеринария врачларига янада қулай шароитлар яратиш ҳамда тезкорликни ошириш мақсадида марказлашган ҳолда аҳоли тарқоқ жойлашган ҳудудлардаги ветеринария участкаларига 190 та мототранспорт, 220 та велосипед, 500 та қўл пуркагичлари ва 400 та эмламаларни олиб юриш учун термосумкалар билан таъминланди.

Тадбир иштирокчилари томонидан ветеринария ва чорвачилик соҳасида таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциясида қўлга киритилган натижалар аҳолини гўшт, сут маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш билан бир қаторда бугунги жаҳон бозорининг мураккаб талаблари шароитида маҳсулотларнинг экспорт салоҳиятини кенгайтиришга имконият яратиб бераётгани эътироф этилди.

Шунингдек, ветеринария йўналишидаги илмий тадқиқотлар ва қоракўлчиликни ривожлантириш ҳамда унинг истиқболлари юзасидан амалга оширилаётган ишлар соҳа ривожига туртки бўлиши айтиб ўтилди.

Шу билан бир қаторда, депутатлар соҳада алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлган айрим масалаларга тўхталиб ўтишди. Жумладан, қонунчилик базасини такомиллаштириш, мамлакат ҳудудини ҳайвонларнинг юқумли касалликлари кириб келишидан ҳимоя қилишни таъминлаш, ҳайвонларни даволаш профилактикасининг замонавий усулларини амалиётга жорий этиш, маҳаллий ва хорижий фан ютуқларини татбиқ этиш асосида ветеринария дори воситаларининг янги турлари ва шаклларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш, соҳада мутахассис кадрларни тизимли тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни ташкил этиш масалалари юзасидан фикрлар билдирди.

Тадбир сўнгида билдирилган таклифлар асосида Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг тегишли тавсиялари ишлаб чиқилди.