ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИДА ЁШЛАРИМИЗ САЛОҲИЯТИНИНГ МУҲИМ ЎРНИ БОР!


ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИДА ЁШЛАРИМИЗ САЛОҲИЯТИНИНГ МУҲИМ ЎРНИ БОР!


ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИДА ЁШЛАРИМИЗ САЛОҲИЯТИНИНГ МУҲИМ ЎРНИ БОР!

Жамият тараққиётида ёшларимиз салоҳиятининг муҳим ўрни бор!

Янгича ёндашувлар, янги ғоялар жамият тараққиётининг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Ёшлар эса ҳамиша бу жараённинг энг фаол ва асосий иштирокчилари бўлиб келган. Биз барча ишларда ана шу фаол ва интилувчан ёшларга суянамиз. Яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, иқтидорини фойдали машғулотларга сарфлаётган, илм йўлларидан кетаётган, ҳунар эгаллаётган – оиласига, яқинларига, жамиятга хизмат қилаётган йигит-қизлар миллатнинг ва давлатнинг мулки, хазинасидир. Фаолиятимиз бевосита таълим муассасасида, ёшлар билан кечгани сабабли уларни кўп кузатаман. Баъзи холларда бир хулосага келиш ҳам қийин.
Шундай талабалар борки, оиласи ва институтнинг фахри, бир неча тилларни билади, мақсади қатъий. Келажакда етук мутахассис бўлиб, шу юртга хизмат қилишни ҳохлайди. Баъзилари эса, “енг ичида” иш битиришни истайди, дарсларга, машғулотларга келмайди, имтиҳонлар пайтида пайдо бўлиб, кўпчиликнинг асабини эговлаб, айрим “устозлари” (афсуски, орамизда шундай “устоз” номига доғ тушурувчилар ҳам бор) кўмагида “баҳо”сини олишга интилади. Олий таълим тизимида бу каби муаммоларни бартараф этишга, коррупцияни йўқотишга интиляпмиз. Аммо, аҳолисининг 60 фоиздан кўпроғини ёшлар ташкил этувчи мамлакат учун бу анча оғриқли масаладир. Олий таълим муассасаларида таълим олаётган ёшлар ҳар доим ҳам миллат ва мамлакат учун, унинг тараққиёти ва бугуни , эртаси учун йўлчи юлдуз ва маёқ вазифасини ўташи керак, назаримда.

  
Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг Янги йилнинг бошида ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувида бу фикрларим янада қатъийлашди.
Ёшларимиздан кўп нарсани кутамиз. Хукуматимиз томонидан улар учун яратилаётган шароитлар ва имкониятлар қачон ўз натижасини кўрсатади?
Бугунги ёшлар бундан 10 ё 20 йил олдинги ёшлардан кескин фарқ қилади, албатта. Бу фарқ нималарда кўринади? Албатта тараққиётда, кишиларнинг дунёқараши ўзгарганида, турмуш шароитлари яхшиланганида, техника ва технологиялар мукаммаллашганида. Бугун кишилик жамияти интернет асрида, юксак технологиялар ривожланган замонда яшаяпти, демак имкониятлар ҳам шунга яраша юқори. Аммо ёшлар бу имкониятдан унумли фойдаланяптими? Ўз вақтларини ижтимоий тармоқларда сафсата сотиб ўтказаётганларга ачинасан, киши. Бу интернетнинг кучидан оқилона фойдаланмасликнинг оқибати хайрли бўлмаслиги аниқ. Тадбирда талаба ёшлар вилоятда улар учун “Медиамарказ” очиш таклифини илгари сурди. Вилоят раҳбаридан яна кўп нарсаларни ташкил қилиб беришини сўрадилар. Бу таклифлар албатта, жуда яхши таклифлар бўлиши ҳам мумкин. Аммо, улар яна бир нарсага эътибор беришса ва ўзларидаги мавжуд имкониятларини ишга солишса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Эътибор беринг, қўлингиздаги миттигина қурилма (мобил телефон аппарати) қандай мўъжизалар яратишга қодирлигини англаб етаяпсизми?
Биргина мобил телефон аппарати билан ҳам кўп ишларни бажариш мумкинлигини ўзингиз ҳам билсангиз керак.
Авввал ана шуни бажариб олайлик, иш кўрсатайлик!
Ҳамма шароитлар муҳайё бўлсаю, иш кетмаса бундан ёмони йўқ!
Муаммони суратга олинг, ижтимоий тармоққа жойланг, унга жамоатчилик эътиборини қаратинг – бу сизнинг жамиятдаги муаммоларга бефарқ эмаслигингиздан далолат беради!
Сўнг Сизга бундан-да яхшироқ, бошқа шароитларни яратиб берсинлар!
Ёдимда, бундан бир неча йиллар бурун, Москва шаҳридаги ёшлар бир ташаббус билан чиқиб, уни муваффақиятли амалга оширганди. Уларнинг хатти-ҳаракатлари натижасида Россия пойтахтидаги жамоат транспортидаги муаммолар ўз ечимини топган эди.
Дунёга машҳур шаҳримизда ҳам шундай муаммо мавжуд. Нега самарқандлик кўнгилли ватанпарвар ёшлар жамоат транспорти муаммоларини ўрганиб чиқмайди? Қайси бекатга қайси автобуслар қачон келиши, йўналишлари, неча дақиқада келиши, уларнинг мониторларда акс эттирилиши ва ҳоказо муаммолар. Агар бу масала тизимли ўрганиб чиқилса, муаммолар бартараф этилиб, транспорт қатнови анча тартибга тушар ва аҳоли норозиликлари ҳам камайган бўларди. Бу ҳам эътибор беришимиз керак бўлган ижтимоий муаммолардан бири эмасми? Дунё эътиборида бўлган ва сайёҳларнинг қадами йил бўйи узилмайдиган қадим шаҳримиз учун бу яхши совға бўларди. Ёшларимизнинг совғаси.
Айтмоқчиманки, азалдан ёшлар доимо яхши ташаббуслар, инновацион ғоялар тарафдори бўлиб келган. Биз катталар эса ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлашга ва сиз ёшларга кўмак беришга ҳамиша тайёрмиз!