Чорвачилик: 2023 йилда 450 дан ортиқ лойиҳа ишга тушган, 2024 йилда-чи?


Чорвачилик: 2023 йилда 450 дан ортиқ лойиҳа ишга тушган, 2024 йилда-чи?


Ҳозирда Самарқанд вилоятида 1843 та чорвачилик фермер хўжалиги фаолият юритади. Уларнинг ихтиёрида 98 минг 58 бош қорамол, 222 минг 883 бош қўй-эчки, 4 минг 664 бош от, 4 миллион 618 минг 549 бош парранда бор.

2023 йилда вилоятда чорвачиликнинг барча тармоқларини ривожлантириш бўйича 760,1 миллиард сўмлик 458 та лойиҳа ишга туширилиб, 2550 нафар янги иш ўрни яратилган.

-  Жорий йил вилоятимизда чорвачиликни ривожлантириш учун қиймати 629 миллиард 45 миллион сўмлик 93 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган, - дейди вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Одилхон Бақоев. - Жумладан, пахта-ғаллачилик кластерлари томонидан қорамолчилик комплексларини ташкил этиш бўйича қиймати 364 миллиард сўм ва чорва сони 10 минг 500 бош бўлган 12 та лойиҳа амалга оширилади. Шу йўналишдаги яна бир қорамолчилик йўналишидаги лойиҳа доирасида қиймати 175 миллиард 745 миллион сўмлик 7888 бош қорамол боқиладиган 46 та лойиҳа ишга туширилади. Қўй ва эчкичилик йўналишида қиймати 7 миллиард сўм бўлган 3700 бош қўй боқиш режалаштирилган 4 та лойиҳа ишга тушади.

Мисол учун, Булунғур туманидаги “DAMIR AMIR AGRJ” фермер хўжалиги  томонидан 15,8 миллиард сўмлик 2000 бошли чорва комплекси ташкил этилади. Мазкур комплексда 2 минг бош чорва моллари парваришлаш йўлга қўйилиши билан 200 тонна гўшт ишлаб чиқарилади. Каттақўрғон туманидаги “KATTAKURGAN CHARM” МЧЖ томонидан 32 миллиард сўмлик 800 бошли чорва комплекси ташкил этиш ва 150 тонна гўшт, 3300 тонна сут  ишлаб чиқариш ҳамда 2500 тонна сут, 50 тонна гўштни қайта ишлаш режалаштирилган.   

Йил якуни билан барча тоифадаги хўжаликларда қорамоллар бош сонини 1 миллион 804 минг (ўсиш суръати 103 фоиз) бошга етказиш режалаштирилган. Барча тоифадаги хўжаликларда қўй ва эчкилар бош сони бўйича прогноз кўрсаткичларни 2 миллион 756 минг (ўсиш суръати 102,8 фоиз) бошга, шундан, фермер хўжаликларида 233 минг (ўсиш суръати 103,0 фоиз) бошга етказиш мўлжалланган. 

Бундан ташқари, барча тоифадаги хўжаликларда гўшт етиштириш бўйича прогноз кўрсаткичларни 340 минг 480 тоннага, барча тоифадаги хўжаликларда сут ишлаб чиқариш режасини 1 миллион 532 минг тоннага етказиш кутилмоқда. 

Яна бир аҳамиятли жиҳат шундаки, 2021 йил июлдан 2023 йил 1 январга қадар реализация қилинган парранда гўшти учун 47 миллиард сўм ва тухум маҳсулоти учун 16,4 миллиард (жами 63,4 миллиард) сўмлик субсидия ажратилди.   

2024 йилда тухум ишлаб чиқаришни 1,5 миллиард донага (2023 йилга нисбатан 15 фоизга кўп), гўшт етиштиришни тирик вазнда 178 минг тоннага (2023 йилга нисбатан 18 фоизга кўп) етказиш кутилмоқда.

Жорий йилда Самарқанд туманида Агропарранда кластери (ташаббускор “Navobod Naslli Parranda” фермер хўжалиги) ташкил этилади. Қиймати 60,7 миллиард сўм бўлган 15 та паррандачилик лойиҳаси амалга оширилади ва 150 та янги иш ўрни яратилади. Натижада, вилоят аҳолисининг тухумга бўлган талабини 166,6 фоизга, парранда гўштига бўлган талабини 199,3 фоизга таъминлашга эришилади.