ТАШҚИ САВДО ЮКЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ЭЛЕКТРОН ТАРЗДА АМАЛГА ОШИРИЛМОҚДА
Сир эмас, бугун Covid-19 коронавирус инфекцияси бутун дунёни таҳликага солди. Нафақат тиббий, балки саёрамиздаги ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида инқироз ҳолати юзага келишига сабабчи бўлди. Бир неча кун аввал дунёнинг етук мутахассислари жаҳонда савдо иқтисодиёти инқироз ёқасига келганлигини хабар қилишган бўлса, неча ойлардан буён дунё олимлари Covid-19 коронавирус инфекциясига даво топиш билан оввора.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирус (COVID-19) билан зарарланган беморлар сони 6 апрель ҳолатига кўра, 1 млн 200 минг кишидан ошганлигини қайд этди..
Коронавирус касаллиги белгилари грипп ва бошқа ўткир респираторли инфекцияларга ўхшаб, тана ҳароратининг кўтарилиши, ҳолсизлик ва йўтал билан бошланади. Беморнинг ўпка, ошқозон аъзолари ва асаб тизими шикастланади.
Касаллик бемордан соғлом одамга ҳаво-томчи йўли орқали, шунингдек вирус билан зарарланган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилганда ва маиший мулоқот туфайли юқиши мумкин. Халқаро эпизоотик бюро Бош директори мурожаатида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан касаллик мавжудли эълон қилинган давлатларга вақтинча боришни чеклаш тавсия этилган.
Коронавируслар (COV) РНКли, липопротеин қобиқ билан ўралган. Вирус зарраси липид конвертинг атрофида ўзига хос “корона” (тож) ни ташкил қилади, шу сабабдан “Коронавирус” деб аталади. Корновируснинг баъзи штаммлари зоонотикдир, яъни улар ҳайвонлар ва одамлар ўртасида кузатилади. Аммо кўплаб штаммлари зоонотик эмас.
Бутун жаҳон ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилиш ташкилоти маълумотида COVID-19 (коронавирус) ҳайвон манбаси бўлиши мумкин деган шубҳа бўлсада, кейинги омил одамдан одамга юқиши эканлиги қайд этилган.
Хитойнинг Хубеи вилояти, Ухан шаҳрида 2019 йил 31 декабр куни одамларнинг номаълум этиологияли пневмонияга чалинганлиги ҳақида ҳабар қилинган. Коронавируснинг тарқалиш ареали тўғрисида Жахон соғлиқни сақлаш ташкилоти расмий веб сайтида маълумотлар янгиланиб борилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси “Ветеринария тўғрисида”ги қонуннинг 2 ҳамда 24-моддаларига асосан республикамизга COVID-19 коронавирус қўзғатувчилари кириб келишининг олдини олиш мақсадида унинг мамлакатимизга четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирлари ижроси ва натижадорлигини таъминлаш бўйича Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси – Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ветеринария инспекторининг 2020 йил 12 мартида махсус кўрсатмаси қабул қилинди.
Ҳозирда барча чегара ва транспорт ветеринария пунктларида мавжуд дезбаръерлар, дезинфекция ускуналари, шунингдек, бошқа моддий-техник ресурслар ишчи ҳолатида. Дезинфекция воситалари, ускуналари ва предметларининг, шунингдек, бошқа моддий-техник ресурслар захираси яратилган. Чегара ўтказиш пунктлари орқали кириб келаётган автотранспорт воситаларига дезинфекцион ишлов бериш белгиланган тартибда амалга оширилмоқда.
Жумладан, йил бошидан ҳозирги давргача чегара ўтказиш пунктлари орқали кириб келган 142028 та автотранспорт воситаларига дезинфекцион ишлов берилди. Давлат чегараси ва транспортда давлат ветеринария назорати бошқармаси балансида 1533 килограмм “Экодез” дезинфекцион восита захираси шакллантирилган.
Давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарлар устидан назорат олиб борувчи ходимлар шахсий гигиена ва ҳимоя кийимлари билан таъминланган. Айтиш мумкинки, карантин шароитида мамлакатимиздаги барча чегара ўтказиш божхона пунктларида давлат ветеринария хизмати ходимлари туну кун фаолият олиб бормоқда.
Экспорт ҳамда импорт қилинаётган давлат ветеринария назорати остидаги юкларни чегара божхона ўтказиш масканлари орқали тезкорлик билан узлуксиз ветеринария расмийлаштируви амалга оширилишини, шунингдек, давлат ветеринария назорати остидаги ташқи савдо юкларини тезкорлик билан расмийлаштириш мақсадида тизимидаги барча чегара ва транспорт ветеринария назорати пунктлари "Ягона дарча" божхона ахборот тизимига тўлиқ уланган.
Бугунги кунда барча рухсат этилиши талаб қилинадиган ҳужжатларни расмийлаштириш «Ягона дарча» божхона ахборот тизими орқали электрон шаклда амалга оширилмоқда.
Шунингдек, карантин даврида аҳолини ўз вақтида озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, ички бозорда озиқ-овқат нархларини мўътадил сақлаш, тадбиркорларга қулайликлар яратиш мақсадида жорий йилнинг шу даврига қадар 3893 тонна совутилган ва музлатилган мол гўшти, 449 тонна чўчқа гўшти, 4816 тонна парранда гўшти, 83970 дона тухум, 4142 тонна сут маҳсулотлари, 182 тонна сарёғ, 111 тонна ўсимлик ёғи, 1499 тонна балиқ маҳсулотлари, 2038 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари, 31800 тонна дон белгиланган тартибда расмийлаштирилди.