ЎЗБЕКИСТОНДА ҲАЙВОНЛАРНИ ИДЕНТИФИКАЦИЯ ҚИЛИШ ТИЗИМИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА МЕМОРАНДУМ ИМЗОЛАНДИ
Ўзбекистон Республикаси ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Туркиялик инвестор Ramazan Ecirli томонидан ташкил этилган Ўзбекистонда фаолият юритаётган «BS MEDICAL» компанияси ўртасида Ўзбекистонда ҳайвонларни идентификация қилиш тизимини янада ривожлантириш бўйича англашув меморандуми имзоланди.
Меморандумда ҳайвонларни идентификация қилиш, бу борада мутахассислар билим ва кўникмаларини ошириш, қулоқ биркалари ишлаб чиқариш каби йўналишларда ҳамкорликни амалга ошириш белгиланди.
Инвестор томонидан амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳаларнинг умумий қиймати 4 млн. АҚШ доллари миқдорида белгиланган бўлиб, ушбу лойиҳа доирасида қуйидагиларни амалга ошириш назарда тутилмоқда:
-
Ўзбекистон стандартларига мувофиқ йирик ва майда шохли моллар учун электрон ва визуал биркалар ишлаб чиқарувчи завод қуриш;
-
ҳайвонларни идентификация қилишга жалб қилинадиган мутахассисларни ўқитиш ва малакасини ошириш марказини ташкил этиш;
-
ҳайвонларни идентификация қилиш тизимини янада такомиллаштириш ва кенг жорий қилиш бўйича ҳамкорлик қилиш;
Шу билан бир қаторда, «BS MEDICAL» компанияси томонидан Ўзбекистонда ҳайвонларни идентификация қилиш тизимини янада такомиллаштириш ва кенг жорий этиш мақсадлари учун 3 млн. АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағлари ажратилиши назарда тутилмоқда.
Ушбу англашув меморандумининг режалаштирилган тадбирларини мувофиқлаштириш ҳамда юзага келадиган муаммоларни тезкор ҳал этиш мақсадида ҳар икки томондан масъуллар белгиланди.