БАЛИҚЧИЛИКНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

“Shodlik Palace” меҳмонхонасида “Ўзбекистон Республикасида балиқчиликни ривожлантириш миллий стратегиясини яратиш борасида қўшимча қиймат занжирини таҳлил қилиш” мавзусига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда ФАО, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси масъул ходимлари иштирок этишди. Тадбирда сохага доир янги лойиҳалар атрофлича муҳокама қилинди.
ФАОнинг Европа ва Марказий Осиёдаги ваколатхонаси балиқчилик соҳаси етакчи мутахассиси Хайдар Ферсойнинг эътироф этишича, Ўзбекистонда балиқчилик сохасида амалга оширилаётган ишлар ва эришилаётган ютуқлар диққатга сазовор. Ўзаро ҳамкорликда сохадаги мавжуд муаммоларни ижобий ҳал қилиш, янги инновацион ёндашувлар орқали янада юксак натижаларга эришиш мумкин.

“Биз сохадаги қатор масалаларни тизимли равишда бартараф этишимиз керак. Шундагина қўшимча қиймат занжирини таҳлил қилиб, шу асосда миллий стратегиямизни яратишга эришамиз, - дея таъкидлади, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Рухулла Қурбонов.
Айтиш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда балиқчилик сохаси анча ривожланиб, балиқ маҳсулотлари етиштириш ҳажми йил сайин сезиларли даражада ортиб бормоқда. Ҳозирда мазкур соҳада фаолият юритаётган хўжаликлар сони 3926 тага етди. Ушбу лойиҳани ишга туширишдан асосий мақсад, балиқ личинкаларини ишлаб чиқаришдан тортиб, истеъмолчига етказиб беришгача бўлган жараённи таҳлил қилишдан иборат. Бу эса ўз навбатида балиқ қиймати занжирини яратиш ва шу орқали тизимнинг оқсаётган қисмини аниқлаш ҳамда тезда бартараф этишга асос бўлади.
Шунингдек, ушбу таҳлил натижалари қўшимча қиймат занжири бўйича халқаро амалиётга асосланган миллий стратегия яратилишига имкон беради.