ЙИЛ ЯКУНИДА САРҲИСОБ ҚИЛИШ – ЯХШИ ОДАТ!

Йил якунланаётганда ҳар бир инсон ортга бир назар ташлайди. Қандай ишларни амалга оширишга улгурдик, нималарга улгуролмадик?!
Самарқанд Ветеринария медицинаси институти ташкил этилганига ҳали кўп вақт бўлмади. Институт Марказий Осиёда ушбу соҳа бўйича юридик мақомга эга ягона олий таълим муассасаси ҳисобланади. Юртбошимиз бу таълим муассасасини ташкил этишга қарор қилганида, муаммонинг нақадар долзарблигини, соха равнақи бевосита мамлакат иқтисодига салмоқли ҳисса қўшишини олдиндан билган ва ҳис этган бўлса, ажаб эмас.
Озиқ-овқат ҳавфсизлиги муаммоси бугун бутун Ер юзи аҳолиси учун глобал муаммога айланган. Ҳар бир мамлакат ўз аҳолисига сифатли ва табиий озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришга ҳамиша масъул. Юртимизда ҳар бир фасл ўз ўрнига эга – диёримиз серқуёш, заминимиз серҳосил, сувимиз бор. Демак, мамлакатимизда бу соҳа ривожи учун ҳамма табиий имкониятлар етарли. Эндиликда биз бу имкониятлардан тўғри, оқилона фойдаланишда илм-фан ютуқларини амалиётга жорий қилишимиз ҳамда соҳа ривожини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқишга ҳисса қўшишимиз даркор.
Нима учун бизда гўшт етиштириш оқсаяпти?
Аҳолининг гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган талабини қайси омиллар ҳисобига қоплашимиз мумкин?
Асрлар давомида захматкаш бободеҳқонлар ва чорвадорлар яшаган заминда бугун соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган омиллар нималардан иборат?
Саволлар кўп. Аммо биз Самарқанд Ветеринария медицинаси институти жамоаси изланиш ва илмий тадқиқотлар ўтказишдан тўхтамаслигимиз кераклигини англаб етамиз.
Хориждан наслдор қорамоллар келтирилади, 40-50 литр сут берадиган ёки 500-800 кг гўшт қилиши лозим бўлган маҳсулдор зотлар бу ердаги табиий иқлим шароитларига мослашолмаслиги ёки парвариш етарли даражадаги бўлмагач, керакли натижани бермаслиги мумкин. Қолаверса, бу зотларда касалликларга чалиниш эҳтимоллари ҳам ўта юқори даражада бўлиши исботланган. Демак, олимларимиз ўзимизда яратилган кенг имкониятлардан оқилона фойдаланишлари, асрлар давомида шаклланган тажрибаларни илм-фан ёрдамида мукаммаллаштиришлари талаб этилади.
Айни кунда Ветеринария ва чорвачилик соҳасига катта эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг Фармон ва қарорлари, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси қарорлари соҳадаги муҳим ислохотларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда. Бу эса халқимизнинг, ватандошларимизнинг эртанги ёруғ куни, фаровон ҳаёт кечириши учун замин яратади.
Бизнинг илм-фанда қўлга киритган ҳар бир ютуғимиз, ҳар бир янгилигимиз халқимиз дастурхони тўкин бўлишига, турмуши фаровон кечишига хизмат қилиши ҳам, шубҳасиздир! Бизнинг жамоадан айнан шуни кутишяпти, муаммоларга илм фан тили билан ечим топишимиз керак!
Бугун Самарқанд Ветеринария медицинаси институти билан дунёнинг етакчи 84 та Олий таълим муассасаси ўртасида илмий ва амалий ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Уларнинг фақат яхши томонларини ўрганиш, муваффақиятлари сирини очиш ва буларни ўз таълим тизимимизда босқичма-босқич жорий этишни мақсад қилганмиз. Алмашинув дастури доирасида талабалар, ўқитувчи-профессорларни хорижга ўқиш ва малака ошириш учун юборамиз.
Грант лойиҳаларида иштирок этамиз. Ҳалқаро конференциялар, илмий анжуманларда қатнашамиз. Президентимиз ва хукуматимизнинг юксак ишончини оқлашга интиламиз. Ўтиб бораётган йил яна бир жиҳати билан тарих саҳифаларига муҳрланса, ажабмас.
Институт ҳудудида деярли 35 йилдан бери қурилиши чала бўлиб ётган янги маъмурий бино йил якунида фойдаланишга топширилади. Бино 2019 йил Давлат Дастурига киритилиб, қайта реконструкция қилинди ва таъмирлаш ишлари якунига етказилди. Катта маблағ – 25 млрд. сўм эвазига қурилган бу маҳобатли иншоот 720 ўринга мўлжалланган бўлиб, барча замонавий шарт-шароитларга эга. Кенг ва ёруғ аудиториялар, энг сўнгги русумдаги асбоб-ускуналар билан жиҳозланган лабораториялар, кутубхона заллари ва бошқа шароитларни кўриб, қурувчилар чин дилдан меҳнат қилганига амин бўласиз.
Энди бу ерда фақат ўқиш керак, чинакамига ишлаш керак, холос! Тан оламиз, муаммоларимиз ҳам бор. Уларни аста-секинлик билан бартараф этиб боряпмиз. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, чинакамига ишласаккина юзимиз ёруғ бўлиб, халқимиз биздан миннатдор бўлади!
Янги йилга эса олдимизда турган мақсадларимиз, режаларимиз ҳам талайгина! Институтимиз олим ва талабалари томонидан амалга оширилаётган ҳар бир илмий ёндашув, ҳар бир тадқиқот, эришилган ҳар бир ижобий натижа бу бизнинг кимлигимизга ишора!.
Шу халқ биздан рози бўлиши учун ҳаракатдан, изланишдан тўхтамаймиз!