МИНТАҚАДА ЭПИЗООТИК БАРҚАРОРЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ – ДОЛЗАРБ МАСАЛА!

Самарқандда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан семинар-тренинг ташкил этилди.
Самарқанд ветеринария медицинаси институтида бўлиб ўтган тадбирда ветеринария мутахассислари, илмий-текшириш институтлари ходимлари ва тадқиқотчилар иштирок этишди. Унда хорижий экспертларнинг чорва моллари орасида учрайдиган бир қатор юқумли касалликлар, уларни даволаш ҳамда олдини олиш чоралари бўйича тақдимотлари намойиш этилди.
Хусусан, Россия Федерациясининг Бутунроссия ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш илмий тадқиқот институти Ахборот таҳлил маркази шўъба мудири Виктор Никифоров томонидан махсус машғулотлар ташкил этилди. Оқсил касаллиги бўйича олиб борилаётган изланишлар, касалликка эрта ташхис қўйиш ва унинг олдини олиш борасидаги янгиликлар, татбиқ этилаётган халқаро тан олинган тажрибалар хусусида фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, мамлакатимизда оқсил касаллиги яқин 15 йилдан буён қайд этилмаган. Лекин Марказий Осиё ҳудудида сўнгги марта 2004 йилда Қозоғистон ва Қирғизистонда қайд этилган. Оқсил жуда тез тарқалувчи касаллик бўлиб, қулай атмосфера шароитида бир соат ичида 30 километргача бўлган ҳудудни эгаллаб олиши мумкин. Касалликнинг олдини олиш у келтирган иқтисодий зарардан бирмунча самарали ҳисобланади. Ҳозир майда ва йирик шохли қорамоллар универсал вакцина ёрдамида эмланади. Унинг кучи бир йилгача етиши мумкин. Шу муддат давомида ҳайвонлар оқсилдан ташқари, бошқа касалликлардан ҳам ҳимояланади.
Бу борадаги ишларни тизимли равишда ташкил этиш мақсадида чуқур илмий изланишлар ва тажрибалар олиб борилмоқда. Худудларда мутахассислар томонидан чорва моллари ветеринария кўригидан ўтказилиб, дезинфекция ишлари ҳамда касалликларга қарши эмлаш тадбирлари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, семинар давомида жаҳондаги эпизоотик вазият хусусида ҳам маълумотлар берилди. Тадбирда хориж тажрибасини ўрганган ҳолда ҳудудлардаги соҳа мутахассисларининг тажриба ва малакаси оширилди.


