АВСТРАЛИЯДАГИ ЁНҒИНЛАРДА 500 МИЛЛИОНГА ЯҚИН ҲАЙВОНЛАР НОБУД БЎЛДИ

Австралияда содир бўлган ўрмон ёнғинларида миллион гектардан ортиқ миллий боғ ва ўрмонлар ёниб кетди. Сидней университети экологларининг маълумотларига кўра, мамлакат ёввойи табиати ва флораси катта талофат кўрганлиги натижасида 480 миллионга яқин сут эмизувчилар, қушлар ва судралиб юрувчи ҳайвонлар ҳалок бўлган. Эвкалипт дарахтларида яшайдиган Коалалар, айниқса, оловдан азият чекмоқда.
"Янги Жанубий Уэлсдаги коалаларнинг учдан бир қисми нобуд бўлганлиги эҳтимолдан холи эмас, чунки улар яшайдиган худуднинг ярмидан кўп қисми ёнғинлар натижасида вайрон бўлган", – дейди, Австралия атроф-муҳитни муҳофаза қилиш федерал вазири Сюзан Лей. Олимларнинг таъкидлашича, яшаш жойларининг йўқ бўлиб кетиши туфайли коалалар популяциясини тиклаш имкони бўлмайди. Бундан ташқари, қутқарилган ҳайвонлар тутқунликка мослаштирилмаган, табиатдан ташқарида омон қолишнинг эса имкони йўқ. Мутахассисларнинг фикрига кўра, об-ҳаво ҳаддан ташқари иссиқ, қуруқ ва қаттиқ шамол бўлишда давом этаётгани сабабли катаклизм (табиатни вайрон қилувчи атмосфера қобиғи ҳамда вулқон жараёнлари таъсири остида ер юзидаги органик ҳаёт ва шароитларининг кескин ўзгариб кетиши) кўлами ўсишда давом этиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг октябр ойи ўрталарида кучли ўрмон ёнғинлари Австралия шарқий соҳилларини қамраб олган эди. Шу боис Янги Жанубий Уэлсь ва Виктория штатлари табиий офатдан энг кўп зарар кўрган. Қитъанинг жанубий қирғоғидаги бир нечта худудлар сайёҳлар учун ёпиб қўйилган ва аҳолини тезкор эвакуация қилиш чоралари кўрилган эди.